вторник, 2 июня 2015 г.

БМТни реформа қилиш керакми?!

БМТ Хавфсизли Кенгаши таркиби борасида ҳозирги кунда жуда кўплаб баҳс мунозаралар олиб борилмоқда. 1945 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми 23-моддасида Хавфсизлик Кенгаши Ташкилотнинг ўн беш Аъзосидан иборат. Хитой Халқ Республикаси, Франция, Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи (Россия Федерацияси), Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллиги ва Америка Қўшма Штатлари Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидир. Бош Ассамблея Ташкилотнинг бошқа ўнта аъзосини Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолари сифатида сайлайди, бунда, аввало, Ташкилот Аъзоларининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда вa Ташкилотнинг бошқа мақсадларига эришишда нечоғли қатнашганлигига, шунингдек, адолатли жўғрофий тақсимотга алоҳида эътибор беради.
Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолари икки йиллик муддатга сайланади. Муваққат аъзоларини биринчи марта сайлашда Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сони ўн биттадан ўн бештагача кўпайгач, тўртта кўшимча аъзодан иккитаси бир йил муддатга сайланади. Хавфсизлик Кенгашининг чиқиб кетаётган аъзоси дарҳол қайта сайлана олмаслиги белгиланган.

Бугунги халқаро майдонда рўй бераётган воқеаларни кўриб, агар шу йўналишда БМТ ўз фаолиятини давом эттирса, ҳеч қандай БМТ Низомига ўзгартириш киритилмаса, БМТ бора-бора Миллатлар Лигаси қисматини такрорлайди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари борасида ўзгартириш киритиш лозим деб, ҳисоблаймиз. Чунки хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига муносиб давлатлар мавжуд. 1945 йилда БМТ ташкил қилинганда Хавфсизлик Кенгашида доимий аъзолар институтининг жорий қилинишини ҳаётнинг ўзи тақоза қилган эди. Чунки, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ғолиб давлатлар урушнинг қайта такрорланишини хохламас эдилар. Шунинг учун ҳам Хавфсизлик кенгашида доимий аъзолар институти жорий қилинди. БМТ ташкилотида Хавфсизлик Кенгашининг ўрни жуда ҳам каттадир, буни БМТ Низомини ўрганиб чиқиш давомида кузатиш мумкин.
Ўз-ўзидан савол туғилиши табиийдир, яъни нега айнан юқоридаги бешта давлат Хавфсизлик Кенгашининг аъзолари бўлишлари лозим? Улар урушдан ғолиб давлат сифатида чиқишди, улар қудратли эдилар ва дунёда тинчликни сақлашга қодир эдилар ва асосийси улар мазкур ташкилот асосчилари ҳисобланишади. (Совет Иттифоқи, Бирлашган Қироллик, Қўшма Штатлар ва Хитой ҳукуматлари 1943 йил 30 октябрда Москвада имзоланган декларацияда тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш учун тезда халқаро ташкилот тузишга даъват этишди. Ушбу мақсад Қўшма Штатлар, СССР ва Бирлашган Қироллик раҳбарларининг 1943 йил 1 декабрда Теҳронда бўлиб ўтган учрашувида яна тасдиқланди.)
Аммо, орадан 70 йил ўтди. Бу борада энди реформа қилиш мақсадга мувофиқдир. Дунёда содир бўлаётган турли тартибсизликларни бартараф этишда нега энди дунёда тинчликни сақлаш асосий вазифаси (БМТ Низоми 24 модда) бўлган ташкилот фаолияти сусаймоқда?!  2004 йилда 15 сентябрда БМТ Бош Котиби Кофи Аннан БМТ Хавфсизлик Кенгашини реформа қилиш кераклиги ҳақида эълон қилади. Масалан, Германия ва Япония БМТга кўп бадал тўловчи давлатлардир; Ҳиндистон – дунёда энг кўп аҳолиси мавжуд, ядровий қурол ва юқори технологияга эга; Бразилия – Лотин Америкасининг йирик давлатдир. Бу давлатлар ҳам ҳозирги кунда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолигига муносибдир. Лекин, бунинг учун БМТ Низомига ўзгартириш киритиш лозимдир. БМТ Низомининг 108 ва 109 – моддаларига асосан БМТ Низомга киритиладиган тузатишлар, улар Бош Ассамблея Аъзоларининг учдан икки қисми овози билан қабул қилиниб, Ташкилот Аъзоларининг Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг ҳаммасини қўшгандаги учдан икки қисми овози билан уларнинг конституциявий тартиботига мувофиқ ратификация қилингач, Ташкилотнинг барча аъзолари учун кучга киради. Ушбу Низомни қайтадан кўриб чиқиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аъзоларининг Бош Конференцияси Бош Ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми овози ва Хавфсизлик Кенгашининг исталган тўққиз аъзосинииг овози билан белгиланадиган муддатда ва жойда чақирилиши мумкин. Ташкилотнинг ҳар бир Аъзоси Конференцияда бир овозга эга бўлади. Ушбу Низомга Конференция қатнашчиларининг учдан икки қисми овози билан тавсия этилган ҳар қандай ўзгартириш Ташкилот Аъзоларининг конституциявий тартиботига мувофиқ, уларнинг Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг ҳаммасини қўшгандаги учдан икки қисми томонидан ратификация қилингач, кучга киради. Агар шундай Конференция ушбу Низом кучга кирган кундан бошлаб ҳисоблаганда Бош Ассамблеянинг ўнинчи йиллик сессиясигача бўлиб ўтмаса, шундай Конференция чақириш тўғрисидаги таклиф Бош Ассамблеянинг шу сессияси кун тартибига киритилади ва Бош Ассамблея Аъзоларининг оддий кўпчилиги овози ва Хавфсизлик Кенгашининг исталган етти аъзоси овози билан Конференция чақирилади.
 Нега ўзгартириш киритиш қийинлигини тушуниб турган бўлсангиз керак. Масалан, 2014 йил 17 декабрда Фаластин давлатини тан олиш тўғрисидаги резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига киритилган эди. 2014 йил 31 декабрда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Фаластинни тан олиш тўғрисидаги резолюцияни рад этди. Мазкур резолюцияни Россия қўллаб қувватлади, бу Фаластин – Исроил можаросига чек қўйишга ёрдам беришига ишонишини маълум қилган, аммо АҚШ бу Исроил фуқаролари хавфсизлигини таъминламаслиги важидан резолюцияни қабул қилиш учун овоз бермади.

Миллатлар Лигаси тақдири такрорланмасмикин?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий